Бебаҳо маънавий мерос
  • 04 Май 2016

Бебаҳо маънавий мерос

Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Қаҳрамони, профессор Суйима ўаниева билан учрашув ҳамда олима иштирокида тарихчи Хондамирнинг янгидан нашрга тайёрланган “Макорим ул-ахлоқ” асари тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққан профессор-ўқитувчилар, адабиётшунос олимлар ва ёзувчилар С. ўаниеванинг илмий ҳамда ижодий фаолияти, мумтоз адабиётимизни ўрганишга қўшган ҳиссаси ҳақида фикр юритдилар.

— Олима “Мажолис ун-нафоис”нинг илмий-танқидий матнини чоп эттиргач, “Навоий дастхати” китобини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилди, — дейди филология фанлари доктори, профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов. —  Навоийнинг мукаммал асарлар тўпламида у “Мажолис ун-нафоис”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муншаот”, “Вақфия”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Назм ул-жавоҳир”, “Муҳокамат ул-луғатайн” асарларини изоҳ ва таржималар билан нашрга тайёрлаганки, бу ижодкорнинг заҳматкашлиги, шижоати ҳамда фидойилиги ифодасидир. 

Анжуманда “Макорим ул-ахлоқ” асарининг тўлдирилган ҳолда қайта нашр этилишининг ёшлар маънавий дунёсини бойитишдаги роли муҳим эканлиги қайд этилди. Навоий яшаган давр руҳини, у билан ҳамсуҳбат бўлган шахсларнинг асарларини ўрганиш мумтоз адабиётимизни янги илмий далиллар билан тўлдиришга хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, асар таржимони Комилжон Раҳимов муаллиф, яъни Хондамир ва унинг Навоий билан суҳбатлари хусусида қизиқарли маълумотлар берди. 

Учрашувда ёш тадқиқотчи ва талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. 

 

Акрам ҲАЙДАРОВ.

Последние новости