рус | uzb Бош саҳифа E-mail Обуна

Сирдарё вилояти:

яшариш, янгиланиш, тараҚҚиёт

Истиқлол шарофати билан яқингача ҳам, асосан, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган аграр ҳудуд — Сирдарё вилояти саноати гуркураб ривожланаётган, ўзининг юқори сифатли, рақобатбардош маҳсулотлари билан жаҳон бозорига дадил кириб бораётган том маънодаги индустриал воҳага айланиб бормоқда.

Президентимиз раҳнамолиги, ҳаётимизни янада гўзал ва фаровон этиш йўлидаги улуғвор ғоялари туфайли бугун кечаги чўлқуварлар маркази — Гулистонда, ­Янгиер, Ширин шаҳарларида, ҳатто, вилоятнинг олис-олис қишлоқларида ҳам кўплаб замонавий корхоналар қурилди, қурилмоқда. Айни пайтда бу ерда энг илғор хорижий давлатлар компаниялари билан ҳамкорликда бир неча ўн йилларга мўлжалланган, вилоят истиқболини белгилаб берадиган йирик лойиҳалар амалга оширилаётир.

Биз қуйида вилоят саноатидаги янгиланишлар, модернизация жараёнлари ҳақида сўз юритмоқчимиз.

— Муҳтарам Президентимиз кўрсатмалари, йўл-йўриқлари асосида сўнгги йилларда вилоятимизда фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солишга, хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда янги, замонавий технологияларни олиб киришга, модернизациялаш жараёнларига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, — дейди вилоят иқтисодиёт Бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдухалил Исломов. — Шу бўйича алоҳида дастур ишлаб чиққанмиз. Соҳада олиб бораётган кенг қамровли ислоҳотларимиз мавжуд корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватини оширишга, бюджет маблағларининг кўпайишига, янги иш ўринлари барпо этилишига замин яратмоқда. Вилоятимизда бундан уч йил муқаддам саноат корхоналари сони 485 тани ташкил этган бўлса, бугунга келиб 694 та саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Шулардан 37 тасини қўшма корхоналар ташкил этади. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналаримиз сони бу йил 41 тага етди. Вилоятимиз бўйича жами 66,2 миллион АҚШ доллари миқдорида экс­порт амалга оширилиб, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 172 фоиз ўсишга эришилди. Жумладан, ҳудудий экс­порт ҳажми 2,0 баробарга кўпайди.

Саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, янги технологияларни жалб қилиш ва модернизация натижасида саноат маҳсулотлари ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 10 фоизга, халқ истеъмоли моллари ҳажми 2,2 фоизга кўпайди. Шу ўринда вилоятимиздаги “Сарруна текстайлс”, “Мили Гулистон Текстиль”, “Нафис Либос” сингари ўнлаб қўшма корхоналаримиздаги янгиланиш жараёнларини алоҳида тилга олиб ўтишни истардим...

Гулистон шаҳридаги “Мили Гулистон Текстиль” қўшма корхонасида юзга яқин маҳаллий ёшлар меҳнат қилмоқда, корхона йилига 1000 тонна йигирилган калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга.

— Ишламай ётган “Лаззат” корхонасини реконструкция қилиб, Буюк Британия билан ҳамкорликда 1,5 миллион долларлик янги, замонавий технологияларни олиб келиб ўрнатдик, — дейди қўшма корхона раҳбари Шавкат Жалилов. — 10 та “СХФ 16,36” русумли замонавий дастгоҳлар ипни йигириш билан бирга ўраб ҳам беради. Ҳар бир дастгоҳга чанг тозаловчи фильтр­лар ўрнатилган. Кунига 4,5-5 минг тонна йигирилган ип ишлаб чиқараяпмиз. Маҳсулотимизни 100 фоиз хорижга — Польша, Украина, Россия каби давлатларга экспорт қилаяпмиз. 2009 йилда 1,6 миллион долларлик маҳсулотимизни четга сотган бўлсак, жорий йилнинг олти ойи мобайнида 1 миллион долларлик маҳсулотимизни экспорт қилишга эришдик.

Корхонанинг иккинчи навбати қурилиши ҳам ниҳоясига етиб қолаёзди.

— Корхонамизнинг бу қисмига “Асакабанк” томонидан 3 миллион, хорижий инвесторлар томонидан 5 миллион — жами 8 миллион АҚШ доллари ҳажмида сармоя киритилган. Бугунгача 5 миллион долларлик иш бажарилди. Янги корхонамизга 44 та “ДТМ 129” русумли замонавий технологияни олиб келиб ўрнатиб, шу йилнинг охиригача ишга тушириш ниятимиз бор, — дейди Шавкат Суръатович.

— Янги линияни аввалгисидан фарқли томонлари борми? — қизиқамиз.

— Афзалликлари кўп, — дейди корхона бош технологи Раҳимжон Мўминов. — Янги линия ишга тушиши билан корхонамиз қуввати икки ҳиссага ошади. Сўнгги русумдаги дастгоҳлар калава ипни янада ингичка чиқаради. Бу дегани маҳсулотимиз янада сифатли, қимматли, харидоргир бўлади. Ҳозирги чиқараётган ипларимиздан, асосан, дағал матолар тўқилса, янги линиядан чиққанидан тоза, кўйлаклик матолар тўқиш имкони пайдо бўлади. Энг муҳими, корхонамизда яна қўшимча 300 та янги иш ўрни яратилади.

Президентимизнинг “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, Гулистон шаҳридаги яна бир корхона — банкрот, деб эълон қилинган “Лола модель” қўшма корхонаси “Асака” банк ҳисобига олиниб, “Нафис либос” шўъба корхонаси сифатида янгидан фаолиятини бошлади. “Асака” банки билан Туркиянинг “Байтекс тижорат” хорижий корхонаси ўртасидаги шартномага мувофиқ, эски бино тўлиқ реконструкциядан чиқарилиб, хориждан 439 та тикув машинаси олиб келиб ўрнатилди. Шу тариқа корхонада аввалдан мавжуд 250 та тикув машинаси ҳам ҳисобга олинганда 700 та иш ўрни яратилди. Қўшма корхона қуввати ошиб кунига 7800 дона болалар трикотаж кийим-кечаклари ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлди.

— Корхонамизда, асосан, Гулистон шаҳри, ён-атроф туманлардан касб-ҳунар коллежларини битириб келган қизлар ишлайди, — дейди ишлаб чиқариш устаси Озода Қўлдошева. — Қизларнинг ишдан бўш пайтларда дам олиб, ҳордиқ чиқаришлари учун барча ша­роит яратилган. 450 ўринли ошхона ишчиларга хизмат кўрсатади. Тикув цехимиз қошида янги келган 110 нафар ёш қизга замонавий тикув машиналари, дазмоллаш ва бошқа ускуналардан фойдаланиш сирларини ўргатиш, малака-маҳоратларини ошириш мақсадида ўқув машғулотлари ташкил этилган.

Айни пайтда хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда корхонанинг иккинчи навбатини ишга тушириш, яна 500 та замонавий тикув машинаси олиб келиб ўрнатиш юзасидан изланишлар давом этмоқда. Йил охирига бориб, корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 ҳиссага ошади. Яна қўшимча равишда 800 нафар қиз ўз иш жойига эга бўлади.

Янгиердаги “Мос Ян Текс” қўшма корхонаси маҳаллий тадбиркорлар томонидан 2004 йилда ташкил этилганди. Бугунда корхонада ишлаб чиқарилаётган болалар ва катталарга мўлжалланган трикотаж кийим-кечакларига ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам эҳтиёж катта. Корхона қувватини ошириш, маҳсулот сифатини янада яхшилаш мақсадида янги технологияларни олиб келиб ўрнатишга алоҳида эътибор берилди. 2006 йилда Хитойдан 19 та “VANATA”, 2009 йилда 49 та “SJ” русумли замонавий тикув машиналари ўрнатилиши эвазига  корхонада ойига 50 минг дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошланди. Бугунга келиб эса корхона йилига 1,5 миллион дона, яъни 3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

Корхонада ишлаб чиқариш қуввати ошиши билан асосий манба — хом ашёга бўлган талаб ҳам ошиши, табиий. Хом ашё-трикотаж матолар эса мамлакатимизнинг олис ҳудудларидан қанчадан-қанча харажат ҳисобига ташиб келинади. Бу эса, ўз навбатида, маҳсулот таннархининг ошишига олиб келади. Хўш, нима қилмоқ керак?

Шу тариқа Янгиернинг ўзида чет  эллик инвесторлар иштирокида “Кармента Ян Текс” қўшма корхонасини очишга қарор қилинди. Хориждан тўқиш, бўяш линиялари олиб келиб ўрнатилди. Тайёр ипдан трикотаж матолари тўқиб, ҳар хил рангга бўяб бериш имкониятига эга корхона эндиликда ўз “акаси” — “Мос Ян Текс”га тайёр сифатли хом ашё етказиб бериш билан бирга, ишлаб чиқарган маҳсулотларининг бир қисмини хорижга экспорт ҳам қилмоқда.

— Ўтган йилнинг ўзида 2 миллиард 159 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, 1 миллиард 771 миллион сўмлигини ички бозорда сотган бўлсак, 388 миллион сўмлигини экспорт қилдик, — дейди ­корхона раҳбарининг ўринбосари Зикрилла Абдувоҳидов.

— “Кармента Ян Текс”нинг ишга тушиши узоғимизни яқин, мушкулимизни  осон қилди, — дея  хурсанд бўлади “Мос Ян Текс” тикувчилик цехи бошлиғи Юлдузхон Ҳайдарова.

Бугун Сирдарёнинг қишлоқларида ҳам янги-янги корхоналар ­бунёд этилмоқда. Боёвут туманидаги Деҳ­қонобод қишлоғида ташкил этилган “Хоразм маликаси” қўшма корхонасида 60 нафардан зиёд қишлоқ қизлари меҳнат қилмоқда. Туркиядан олиб келиб ўрнатилган “Камакс” дастгоҳларида тўқилган, деҳ­қонободлик қизлар қўлидан чиққан гиламлар ўзининг кўркам ва бежиримлиги билан аллақачон харидорларини топиб олди.

— Мавжуд 10 та дастгоҳда кунига 20 та гилам тўқияпмиз, — дейди тўқувчи қизлардан бири Мақсуда ўофурова.

 — Гиламларимиз дўконларда қолмаяпти, — дейди яна бир гиламчи қиз Раъно Бобоева. — Ҳатто, тўй қилаётганлар, қиз узатиб, келин олаётган ҳамқишлоқларимиз корхонамизга буюртма беришяпти. Эндиликда гиламларимизни харидорлар талаби асосида, улар хоҳлаган рангда, улар истаган ўлчамда тўқиб беряпмиз.

Вилоятнинг Сайхунобод, Сирдарё, Ховос ва бошқа бир қатор туманларидаги саноат корхоналарида янги технологияларни олиб кириш, модернизация жараёнлари жадал бормоқда.

— 2009 — 2012 йилларда вилоятимиз саноат салоҳиятини ошириш, истиқболсиз корхоналарни таркибий ўзгартириш, молиявий соғломлаштириш ёхуд тугатиш Дастури ишлаб чиқилган бўлиб, бу дастуримиз Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган, — дейди Абдухалил Сувонович. — Дастурга жами 142 та лойиҳа киритилган бўлиб, умумий қиймати 110,4 миллиард сўмни ташкил этади. Дастурга, шунингдек, хорижий сармоя иштирокида маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарни кенгайтириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича умумий қиймати 58,4 миллион АҚШ долларига тенг 16 та ло­йиҳани ҳам киритганмиз. Дастурда асосий эътибор маҳаллий хом ашёларни қайта ишлаш ҳисобига тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, енгил саноатни ривожлантиришга қаратилган.

Шунга асосан 70 та  корхонани модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш, 52 та ноозиқ-овқат ҳамда  72 та озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этиш режалаштирилган. Бу лойиҳаларни амалга оширишга 11,2 миллиард сўм миқдоридаги маблағ жалб этилиб, нон, макарон, қандолат, сут, гўшт, колбаса, балиқ, мева-сабзавот, маъданли сув ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга эришилади.

Шунингдек, вилоятда 20 та қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган янги корхоналар ташкил этилиб, ғишт, брусчатка, пойдевор блоклари, черепица, ДСП, алюмин эшик ва дераза ромлари ишлаб ­чиқариш йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун 25,3 миллиард сўм миқдоридаги маблағ жалб этилади.

Бундан ташқари, жорий йилда нафақат вилоятимизда, балки республикамизда ҳам йирик бўлган лойиҳа қуввати 700 минг жуфт эркаклар, аёллар ва болалар пойабзаллари ҳамда 4 миллион квадрат метр керамика плитаси ишлаб чиқарадиган “Пен Шенг” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси ҳамда 48 минг тонна офис қоғози ва гипсокартон ишлаб чиқарадиган “Асл қоғоз” қўшма корхонаси ҳам ишга туширилади...

Жорий йилнинг ўзида 60 та лойиҳа амалиётга жорий этилиши белгиланган бўлиб, ўтган давр мобайнида 31 лойиҳа амалга оширилди.

Сирдарё вилояти саноат корхоналаридаги бу янгиланишлар, модернизация жараёнлари мазмун-моҳияти билан жонажон Ватанимизга, унда азизу мукаррам саналган инсон ва унинг манфаатларига қаратилган. Бугунги кенг қамровли ислоҳотлар корхоналар ишлаб чиқариш қуввати ошишига, меҳнат аҳли реал даромадларининг ўсишига, янги иш ўринлари яратилишига, пировард натижада эса ҳур ва озод юрт ободлиги ҳамда халқимиз турмуш фаровонлигига хизмат қилади.

Шомурод ХОЛМУРОДОВ,

Али ЗИЁДОВ.

Обуна?
Паролингизни унутдингизми?
Бугунги сонда
Расмий
Президент фармонлари
Қарорлар
Қонунлар
АРХИВ
Маколалар
Эски сайт рус тилида
Эски сайт ўзбек тилида
Copyright © 1991 — 2006, «Халк сузи»
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган..
Сайтнинг сўнгги янгиланган вақти — 29.07.2010
Сайт материалларидан рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Телефон: (3712) 233-15-22, 233-10-03
Электрон манзил: info@narodnoeslovo.uz
Манзил: ул. Матбуотчилар, 32